Кириш
Бозор муносабатлари шароитида тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузиладиган маҳсулот етказиб бериш шартномалари товар айланмасининг барқарорлигини таъминловчи асосий ҳуқуқий воситалардан бири ҳисобланади. Бундай шартнома тарафлар зиммасига ўзаро боғлиқ мажбуриятларни юклайди: маҳсулот етказиб берувчи товарни шартномада белгиланган муддат, миқдор, ассортимент ва сифатда топшириши, сотиб олувчи эса товарни қабул қилиши ҳамда унинг ҳақини тўлаши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 437-моддасига мувофиқ, маҳсулот етказиб бериш шартномаси бўйича тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи — сотувчи шартлашилган муддатда товарларни сотиб олувчига топшириш, сотиб олувчи эса ушбу товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.
Амалиётда маҳсулот етказиб берувчи шартнома бўйича ўз мажбуриятини лозим даражада бажаришга тайёр бўлганига қарамай, сотиб олувчи турли сабабларни келтириб, товарни қабул қилишдан бош тортадиган ҳолатлар учрайди. Бундай вазиятда сотувчининг ҳуқуқи бузилгани шубҳасиз. Бироқ бузилган ҳуқуқнинг мавжудлиги ҳар қандай мазмундаги даъво талаби суд томонидан қаноатлантирилишини англатмайди. Суд ҳимоясига мурожаат қилишда даъво предмети ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш усули қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқий оқибатларга мувофиқ танланиши лозим.
Низоли вазиятнинг мазмуни
«ААА» масъулияти чекланган жамияти сотувчи, «ВВВ» масъулияти чекланган жамияти эса сотиб олувчи сифатида трансформатор ускунасини етказиб бериш тўғрисида шартнома тузган.
Шартномага мувофиқ, сотувчи трансформатор ускунасини ўттиз кун ичида тайёрлаган ва сотиб олувчига товар тайёр эканлиги ҳамда уни қабул қилиб олиш зарурлиги ҳақида ёзма билдириш хати юборган. Бироқ сотиб олувчи турли важларни келтириб, товарни қабул қилишдан ёзма равишда бош тортган.
Шундан сўнг сотувчи иқтисодий судга даъво аризаси киритиб, жавобгар зиммасига трансформатор ускунасини қабул қилиб олиш мажбуриятини юклашни сўраган.
Мазкур ҳолатда асосий ҳуқуқий масала — сотувчи томонидан товарни мажбуран қабул қилдириш тўғрисидаги талаб ҳуқуқни ҳимоя қилишнинг тегишли усули сифатида танланганми ёки сотувчи бошқа мазмундаги талаб билан мурожаат қилиши лозимми, деган саволдан иборат.
Сотиб олувчининг товарни қабул қилиш мажбурияти
Сотиб олувчининг товарни қабул қилиш мажбурияти маҳсулот етказиб бериш шартномасининг асосий мазмунига киради. Шу сабабли сотиб олувчининг товарни қабул қилишдан бош тортиши, агар бундай рад этиш қонунчилик ёки шартнома шартлари билан асослантирилмаган бўлса, шартнома мажбуриятининг бузилиши ҳисобланади.
Бироқ сотиб олувчи ҳар қандай ҳолатда ҳам товарни қабул қилишга мажбур эмас. Хусусан, агар топширилаётган товар шартномада белгиланган сифат, миқдор, ассортимент, бутлик, қадоқлаш ёки бошқа талабларга мувофиқ бўлмаса, сотиб олувчи қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда уни қабул қилишдан бош тортиш ҳуқуқига эга.
Фуқаролик кодексининг 448-моддаси биринчи қисмига кўра, шартномада сотиб олувчининг товарни маҳсулот етказиб берувчи жойлашган ерда танлаб олиши назарда тутилган бўлса, сотиб олувчи топширилаётган товарни ўша жойда кўздан кечириши лозим. Товарнинг шартномага номувофиқлиги аниқланган тақдирда, сотиб олувчи уни олишдан бош тортишга ҳақли.
Демак, низони ҳал қилишда сотиб олувчининг рад жавобида келтирилган важлар текширилиши зарур. Агар трансформатор ускунаси шартнома ва техник ҳужжатлар талабларига тўлиқ мувофиқ бўлса, сотиб олувчининг уни қабул қилишдан бош тортиши асоссиз ҳисобланади.
Қонунчиликда белгиланган махсус ҳуқуқий оқибат
Сотиб олувчининг товарни қабул қилишдан асоссиз бош тортиши ҳолати учун фуқаролик қонунчилигида махсус ҳуқуқий оқибат белгиланган.
Фуқаролик кодексининг 447-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ, сотиб олувчи қонунчиликда ёки шартномада белгиланган асосларсиз маҳсулот етказиб берувчидан товарни қабул қилиб олмаган ёки товарни рад этган ҳолларда маҳсулот етказиб берувчи сотиб олувчидан товар ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳақли.
Ушбу норма сотувчининг бузилган мулкий манфаатини тиклашга қаратилган махсус ҳимоя механизмини белгилайди. Яъни қонун сотувчига сотиб олувчини жисмонан ёки ташкилий жиҳатдан товарни қабул қилишга мажбурлашдан кўра, шартнома бўйича товар қийматини ундириш имкониятини беради.
Фуқаролик кодексининг 419-моддасида ҳам шунга ўхшаш умумий қоида белгиланган. Сотиб олувчи олди-сотди шартномасини бузган ҳолда товарни қабул қилиш ва унинг ҳақини тўлашдан бош тортса, сотувчи ўз ихтиёрига кўра товар ҳақини тўлашни талаб қилиш ёки шартномани бажаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга.
Агар шартномада сотиб олувчи товарни сотувчининг омбори ёки бошқа жойдан мустақил равишда олиб кетиши назарда тутилган бўлса, Фуқаролик кодексининг 448-моддаси иккинчи қисми ҳам қўлланилади. Унга кўра, сотиб олувчи шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат белгиланмаган бўлса, товар тайёрлиги тўғрисида билдириш хатини олганидан кейин оқилона муддатда товарларни танлаб олмаса, маҳсулот етказиб берувчи шартномани бажаришдан бош тортиш ёки сотиб олувчидан товарлар ҳақини тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Шу жиҳатдан, трансформатор ускунаси тайёрлангани ва сотиб олувчига уни олиб кетиш тўғрисида ёзма хабар берилгани мазкур ҳуқуқий нормаларни қўллаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Товарни мажбуран қабул қилдириш талаби тўғри танланганми?
Сотувчи томонидан жавобгар зиммасига трансформатор ускунасини қабул қилиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги талаб шартнома мазмунидан келиб чиқадиган мажбуриятга ишора қилса-да, мазкур казус ҳолатларида ҳуқуқни ҳимоя қилишнинг махсус ва самарали усули ҳисобланмайди.
Биринчидан, маҳсулот етказиб бериш муносабатларини тартибга солувчи махсус нормалар сотувчига товарни қабул қилдиришни эмас, балки унинг ҳақини тўлашни талаб қилиш ҳуқуқини бермоқда.
Иккинчидан, товарни қабул қилишга мажбурлаш тўғрисидаги ҳал қилув қарорининг амалда ижро этилиши мураккаб бўлиши мумкин. Товарни қабул қилиш фақат уни жисмонан олиб кетишдан иборат эмас. У транспортни ташкил қилиш, ваколатли ходимларни юбориш, қабул қилиш ҳужжатларини расмийлаштириш, товарни кўздан кечириш ва сақлаш жойини тайёрлаш каби бир қатор ташкилий ҳаракатларни ҳам талаб қилади. Қонунчилик эса бундай ҳолатда сотувчининг мулкий манфаатини товар қийматини ундириш орқали ҳимоя қилишни назарда тутган.
Учинчидан, товар ҳақини ундириш тўғрисидаги талаб сотувчининг иқтисодий манфаатини бевосита тиклайди. Товарни қабул қилишга мажбурлаш ҳақида қарор чиқарилган тақдирда ҳам сотувчи товар қийматини олиш учун кейинчалик яна судга мурожаат қилишга мажбур бўлиб қолиши мумкин.
Шу сабабли кўриб чиқилаётган вазиятда суд сотувчининг жавобгар зиммасига трансформатор ускунасини қабул қилиб олиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво талабини рад этиши мумкин. Бунда рад этиш сотувчининг ҳуқуқи бузилмаганини эмас, балки у томонидан ҳуқуқни ҳимоя қилиш усули ва даъво предмети тегишли тарзда белгиланмаганини англатади.
Сотувчи қандай талабларни қўйиши мумкин?
Мазкур вазиятда сотувчи, энг аввало, сотиб олувчидан трансформатор ускунасининг шартномада белгиланган қийматини тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, товарларни танлаб олмаганлик ёки уларни олишни асоссиз рад этганлик учун сотиб олувчи етказиб берувчига танлаб олинмаган товарлар қийматининг 5 фоизи миқдорида жарима тўлайди. Тез бузиладиган товарлар бўйича мазкур жарима 10 фоизни ташкил этади. Товарлар танлаб олинмаган ҳолларда етказиб берувчи жаримадан ташқари товарлар қийматининг тўланишини ҳам талаб қилишга ҳақли.
Трансформатор ускунаси тез бузиладиган товар ҳисобланмагани сабабли, бошқа шартлар мавжуд бўлганда, сотувчи товар қийматининг 5 фоизи миқдорида жарима ундириш масаласини қўйиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 28 декабрдаги 175-сонли қарорининг 9-бандида ҳам товарлар танлаб олинмаган ҳолларда маҳсулот етказиб берувчи жарима ундиришдан ташқари, товарлар мавжудлигини тасдиқловчи далилларни тақдим этган ҳолда уларнинг қиймати тўланишини талаб қилишга ҳақли экани тушунтирилган.
Шунингдек, сотувчи товарни сақлаш, қўриқлаш, қайта жойлаштириш ёки бошқа зарур чоралар билан боғлиқ қўшимча харажатларга дуч келган бўлса, ушбу харажатларни зарар сифатида ундириш масаласини ҳам қўйиши мумкин. Бунда зарарнинг мавжудлиги, миқдори, сотиб олувчининг ҳуқуққа хилоф ҳаракати ва келиб чиққан зарар ўртасидаги сабабий боғланиш тегишли далиллар билан исботланиши лозим. Хўжалик шартномаси мажбуриятларини бажармаган тараф бошқа тарафга етказилган зарарни қоплаши шарт.
Исботлаш предмети
Товар ҳақини ва тегишли мулкий санкцияларни ундириш тўғрисидаги талабнинг қаноатлантирилиши учун сотувчи қуйидаги ҳолатларни ишончли далиллар билан тасдиқлаши зарур:
— тарафлар ўртасида маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилганини;
— шартномада товарнинг номи, миқдори, баҳоси, сифати, техник хусусиятлари ва топшириш муддати белгиланганини;
— трансформатор ускунаси шартнома талабларига мувофиқ равишда тайёрланганини;
— товар шартномада белгиланган муддатда сотиб олувчига топшириш учун мавжуд бўлганини;
— сотиб олувчи товар тайёрлиги тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинганини;
— билдириш хати сотиб олувчига ҳақиқатда етказилганини;
— сотиб олувчи товарни қабул қилишдан бош тортганини;
— рад этиш учун қонуний ёки шартномавий асослар мавжуд бўлмаганини;
— товар даъво тақдим этилган вақтда ҳам мавжуд бўлганини.
Товарнинг тайёрлиги ишлаб чиқариш ёки омбор далолатномалари, техник паспорт, сифат сертификати, мувофиқлик ҳужжатлари, фотосуратлар, ҳисобварақ-фактуралар ва бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланиши мумкин. Билдириш хатининг юборилгани эса почта маълумотномаси, электрон ҳужжат айланиши тизими маълумотлари, курьерлик хизмати далолатномаси ёки хатни қабул қилиб олганлик ҳақидаги белги билан исботланиши лозим.
Даъво предметини ўзгартириш имконияти
Агар сотувчи дастлаб товарни қабул қилиш мажбуриятини юклаш ҳақида даъво киритган бўлса, иш биринчи инстанция судида мазмунан кўриб чиқилиши якунлангунига қадар даъво предметини қонунчиликка мувофиқ ўзгартириш масаласини кўриб чиқиши мумкин.
Иқтисодий процессуал кодекснинг 157-моддасига кўра, даъвогар биринчи инстанция судида ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар даъвонинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, шунингдек даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтиришга ҳақли.
Шунга кўра, сотувчи товарни қабул қилиш мажбуриятини юклаш талаби ўрнига трансформатор ускунаси қийматини ундириш тўғрисидаги талабни белгиланган процессуал тартибда қўйиши мақсадга мувофиқ.
Хулоса
Сотиб олувчининг маҳсулот етказиб бериш шартномасида белгиланган товарни қонуний ёки шартномавий асосларсиз қабул қилишдан бош тортиши шартнома мажбуриятининг бузилиши ҳисобланади. Бироқ мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатида сотувчи ҳуқуқни ҳимоя қилиш усулини тўғри танлаши лозим.
Фуқаролик кодексининг 447-моддаси тўртинчи қисми ва 448-моддаси иккинчи қисмига кўра, сотиб олувчи товарни асоссиз қабул қилмаган ёки белгиланган муддатда танлаб олмаган ҳолларда маҳсулот етказиб берувчи сотиб олувчидан товар ҳақини тўлашни талаб қилиш ёхуд тегишли шартларда шартномани бажаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга.
Шу сабабли «ААА» МЧЖ томонидан «ВВВ» МЧЖ зиммасига трансформатор ускунасини қабул қилиб олиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво талаби мазкур вазиятда ҳуқуқни ҳимоя қилишнинг тегишли усули сифатида баҳоланмайди. Суд ушбу талабни рад этиши мумкин.
Сотувчи учун тўғри ҳуқуқий ечим — трансформатор ускунасининг шартномада белгиланган қийматини, қонунчилик ёки шартномада назарда тутилган жаримани, шунингдек исботланган зарарларни сотиб олувчидан ундириш тўғрисида талаб қўйишдан иборат.
Демак, судда ҳуқуқнинг самарали ҳимоя қилиниши нафақат шартнома мажбурияти бузилганини исботлашга, балки бузилиш хусусиятига мос келадиган даъво предмети ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш усулини тўғри танлашга ҳам бевосита боғлиқ.